четверг, 7 ноября 2013 г.

Банк – тадбиркор кўмакчиси

Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойишига кўра, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳуқуқий экспериментдан ўтказилаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси талабларидан келиб чиқиб ташкил этилган тадбирда банклар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган банк хизматлари ҳақида маълумот берилди. – Бугунги кунда вилоятимизда тижорат банкларининг 76 филиали, уч юзга яқин мини-банк ва жамғарма кассалари фаолият кўрсатмоқда, –дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаюм Собиров. – Мазкур молия муассасалари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга замонавий банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эркинлаштириш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш имкониятларини оширди. Банкларда тадбиркорлардан аризалар қабул қилиш, бизнес лойиҳалари билан танишиш, тўлов қобилиятини таҳлил қилиш, қарз олувчининг ишчанлик сифатларини аниқлаш ва кредит ресурслари билан таъминлаш қисқа муддатда ҳал этилмоқда. Шундай имкониятлар туфайли жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банкларга мурожаати сезиларли даражада ошди. Натижада йилнинг ўтган даврида барча молиявий манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар миқдори 433 миллиард сўмдан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир. Ажратилган кредитларнинг асосий қисми ишлаб чиқаришга йўналтирилгани, айниқса, эътиборли. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 102 миллиард сўм, саноат товарлари ишлаб чиқарувчиларга 74 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 55,7 миллиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун 17,8 миллиард сўм, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 40,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда қўшимча иш ўринлари яратиш борасида ҳам банклар томонидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Банкларнинг малакали ходимлари ҳар бир қишлоқ фуқаролар йиғинига бириктирилиб, жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, банк хизмати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имтиёзлар ҳақида тушунча бермоқда. Уларнинг режа ва қобилиятини ҳар томонлама ўрганиб, қулай шартлар асосида кредит ва чакана хизмат турларини тавсия этаётир. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятида 2009-2012 йилларда 66 янги қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этилди. Жорий йилда вилоятнинг 35 массивида 1127 янги уй-жой қурилиши давом эттирилмоқда. Бунинг учун банклар томонидан 102,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий