четверг, 7 ноября 2013 г.

Истеъдодли ёшлар кўргазмаси

Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” мавзусида республика кўргазмаси очилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 мартдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги чора-тадбирлар Дастури доирасида Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди. Ҳудудий ва республика босқичларидан иборат мазкур кўргазма мамлакатимиз ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларининг намунали тажриба ва ютуқларини оммалаштириш, ёшларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқишини кучайтириш, уларнинг ташаббускорлик, бунёдкорлик ва ижодий фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Кўргазманинг ҳудудий босқичлари жорий йилнинг апрель ойидан сентябрь ойигача давом этиб, уларда 650 дан ортиқ ёш иштирок этди. Фаолияти энг намунали деб топилган 35 ёшгача бўлган 140 нафар тадбиркор, ҳунарманд ва фермер республика босқичига йўлланма олди. Кўргазмалар давомида 7 мингдан ортиқ аҳоли, асосан ёшлар ёш уста ва тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан танишди. Кўргазманинг республика босқичи очилишида “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси М.Қурбонов, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раисининг ўринбосари Т.Бозоров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида яратилган кенг шароитлар туфайли кўпгина йигит-қизлар ўз ишларини йўлга қўйиб, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётгани ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, улар миллий ва хорижий кўргазма, кўрик-танловларда мунтазам ва муваффақиятли иштирок этиб, ўз меҳнатсеварлиги, ижодий салоҳияти билан жамоатчилик эътиборини қозонмоқда, тенгқурлари учун ибрат бўлаётир. Эътиборлиси, мазкур кўргазма аввалгиларидан иштирокчилар сони, маҳсулотлар сифати ва хизматлар турининг кенглиги, янги тадбиркорлик йўналишлари билан ажралиб туради. Жумладан, кўргазма иштирокчилари орасида нафақат тадбиркорлар, балки қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланаётган қишлоқ соҳибкорларини ҳам кўриш мумкин. Халқ ҳунармандлари ўз маҳсулотлари билан кўпчилик меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Кўргазманинг алоҳида стендлари янги лойиҳа ва хизмат турларини намойиш этаётган молия-банк муассасалари, консальтинг марказлари ва жамоат ташкилотларига бағишланган. Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан келган ёш ҳунарманд Саидхон Алихўжаев пичоқчи усталар сулоласининг саккизинчи авлоди вакили. Уста оила аъзолари билан биргаликда аждодларимизнинг кўп асрлик анъаналарини давом эттириб, нафақат оддий пичоқ, балки чинакам санъат асарлари яратмоқда. – Қадим касблардан бири бўлмиш пичоқчилик ҳунари вакили бўлганимдан ва оиламиз ишини давом эттираётганимдан фахрланаман, – дейди С.Алихўжаев. – Пичоқ ясаш маҳорати кўп йиллик астойдил меҳнат билан орттирилади, юқори эътибор ва диққатни талаб этади. Кўргазмада биринчи бор иштирок этишим. Ўз ишларимни намойиш этиш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Бухоро вилоятида болалар, эркаклар ва аёллар кийимини ишлаб чиқараётган “Burda lyuks terkstil” хусусий корхонаси маҳсулотлари билан танишаётганлар кўп. Кўркам, хушбичим, давр талабларига жавоб берадиган бу либослар ҳеч бир жиҳатдан импорт маҳсулотларидан қолишмайди, нархи ҳам нисбатан арзон. Корхона директори Истам Омоновнинг айтишича, ўтган йили у мамлакатимизда хусусий корхона ташкил этиш учун яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланишга қарор қилган. “Қишлоқ қурилиш банк” очиқ акциядорлик-тижорат банкидан кредит олиб, ёш тадбиркор замонавий жиҳозларни харид қилди ва маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, ўндан ортиқ фуқарони иш билан таъминлади. Корхонада ишлаб чиқарилаётган кийимларга талаб катта. Корхона маҳсулотини экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Кўргазманинг яна бир эътиборли жиҳати, ҳам ёш тадбиркорлар, ҳам ўз бизнесини энди йўлга қўяётган ёки ўз ишини очишни истаётган иштирокчилар учун фойдали ўқув-семинарлари ташкил этилаётганидир. Бу тадбирларда тадбиркорлар учун жорий этилган имтиёз ва енгилликлар, уларни қўллаб-қувватлашга доир лойиҳалар, тадбиркорлик фаолияти давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича маълумот ва тавсиялар берилмоқда. Бундан ташқари, ўз ишида муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар маҳорат сабоқлари ўтказиб, ўз тажрибаси ва қимматли амалий маслаҳатлари билан ўртоқлашмоқда. Икки кунлик кўргазма якунида “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг намунали ёш фермери”, “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналишларида ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматли совғалар билан тақдирланади.

Банк – тадбиркор кўмакчиси

Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойишига кўра, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳуқуқий экспериментдан ўтказилаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси талабларидан келиб чиқиб ташкил этилган тадбирда банклар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган банк хизматлари ҳақида маълумот берилди. – Бугунги кунда вилоятимизда тижорат банкларининг 76 филиали, уч юзга яқин мини-банк ва жамғарма кассалари фаолият кўрсатмоқда, –дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаюм Собиров. – Мазкур молия муассасалари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга замонавий банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эркинлаштириш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш имкониятларини оширди. Банкларда тадбиркорлардан аризалар қабул қилиш, бизнес лойиҳалари билан танишиш, тўлов қобилиятини таҳлил қилиш, қарз олувчининг ишчанлик сифатларини аниқлаш ва кредит ресурслари билан таъминлаш қисқа муддатда ҳал этилмоқда. Шундай имкониятлар туфайли жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банкларга мурожаати сезиларли даражада ошди. Натижада йилнинг ўтган даврида барча молиявий манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар миқдори 433 миллиард сўмдан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир. Ажратилган кредитларнинг асосий қисми ишлаб чиқаришга йўналтирилгани, айниқса, эътиборли. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 102 миллиард сўм, саноат товарлари ишлаб чиқарувчиларга 74 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 55,7 миллиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун 17,8 миллиард сўм, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 40,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда қўшимча иш ўринлари яратиш борасида ҳам банклар томонидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Банкларнинг малакали ходимлари ҳар бир қишлоқ фуқаролар йиғинига бириктирилиб, жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, банк хизмати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имтиёзлар ҳақида тушунча бермоқда. Уларнинг режа ва қобилиятини ҳар томонлама ўрганиб, қулай шартлар асосида кредит ва чакана хизмат турларини тавсия этаётир. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятида 2009-2012 йилларда 66 янги қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этилди. Жорий йилда вилоятнинг 35 массивида 1127 янги уй-жой қурилиши давом эттирилмоқда. Бунинг учун банклар томонидан 102,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

вторник, 5 ноября 2013 г.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари пахта далаларидан “кир қидиришган”

“Охирги пайтларда Америка дипломатия миссияси ходимлари, шу жумладан, етарли даражада юқори мартабали амалдорлари пахта майдонларига чиқишмоқда”, деб ёзади 12news.uz сайтида Даврон Мамадалиев. Сайтда ёзилишича, улар ўзларининг “тирноқ орасидан кир қидириш” вазифасидан келиб чиқиб майда-чўйда нарсаларни излашган. “Шуни алоҳида қайд этиш керакки, яқин-яқинлардан бери АҚШ бизнес доиралари изми билан бир қатор “инсон ҳуқуқи ташкилотлари” Ўзбекистонда гўёки болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда, деган ахборотни тарқатишга киришишди, улар шу йўл билан дунё пахта бозоридан жиддий рақобатчисини чиқариб юборишга интилишмоқда”, дейилади материалда. Сайтда келтирилишича, ана шундай асоссиз айбловларнинг олдини олиш мақсадида бу соҳада ваколатли бўлган Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари Ўзбекистонга таклиф қилинган. Уларга Ўзбекистон пахта далаларидаги вазият ҳақида ўзлари ишонч ҳосил қилишлари учун шарт-шароитлар яратилган. Материалда ёзилишича, ХМТ мутахассислари хулосаси америкаликлар хоҳлагандек бўлиб чиқмаслиги боис пахта йиғим-терими бошланиши билан Тошкентдаги элчихона вакиллари ҳеч ким таклиф қилмаса-да, пахта далаларига чиққан. “Уларнинг пахта далаларида болаларни кўриш иштиёқи ХМТ вакиллариникидан кўра ортиқ эди”, дейилади мақолада. Мақола муаллифининг фикрича, Америка дипломатларининг мақсади ўзлари назоратидаги “инсон ҳуқуқлари ташкилотлари”ни Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги маълумотлар билан қуроллантиришдир. Муаллифнинг ёзишича, америкаликларнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид масала юзасидан “хавотир” билдириши фақатгина тижорат мақсадини кўзлаган. “Маълумки, АҚШ дунёдаги йирик пахта экспорт қиладиган мамлакатдир. Шунга қарамай кейинги вақтларда кўплаб мамлакатлар сифатли ва анча арзон бўлган Ўзбекистон пахтасини харид қилдириш истагини билдирмоқда, бу америкаликларга тўғри келмайди”, дейилади мақолада.