Тошкентда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари, соҳага халқаро ҳуқуқий механизмларни кенг жорий этиш бўйича истиқболдаги вазифаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, таълим ва илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатида болаларга алоҳида эътибор қаратиш ва ғамхўрлик қилиш масаласи ўз ифодасини топган. Президентимиз ташаббуси билан ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишларга ажратилаётган давлат бюджети маблағлари ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Болалар манфаатларини ҳимоя қиладиган миллий қонунчилик мунтазам такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиси сифатида ушбу ҳужжатнинг барча талабларини қатъий бажариб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлайдиган юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдан иборат қонунчилик базаси шакллантирилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк ва бошқалар шу ҳақда тўхталди. Мамлакатимизда чақалоқлар ва болалар ўлимининг камайгани ҳам эътиборга лойиқдир. Масалан, сўнгги 15 йилда беш ёшгача бўлган болалар ўлими 12 фоизга пасайди. Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими ходимларининг малакасини оширишга доир, шунингдек, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар бу борадаги кўрсаткичларни янада яхшилашга ёрдам беради. Айни пайтда болаларнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларидан хабардорлик даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида инсон ва бола ҳуқуқлари, одам савдосига қарши курашиш ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган дарслар ўтилмоқда. 2014 йилда 1-7 синф ўқувчилари учун «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», 8-9 синф ўқувчилари учун «Давлат ва ҳуқуқ асослари», «Конституциявий ҳуқуқ асослари» фанлари доирасида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини ўрганиш ташкил этилган. – Ўзбекистон бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида катта ютуқларга эришди, – дейди бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Ренате Винтер. – Ювенал юстицияни ривожлантириш борасидаги ютуқлар ҳам шулар жумласидан. Ўзбекистонда болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича «ишонч телефонлари», ижтимоий мослашув марказлари каби махсус тузилмалар ташкил этилган. Умумтаълим мактабларида мактаб психологи лавозими жорий этилган. Бу давлатингиз ва жамиятингизнинг болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тааллуқли Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг институционал базасини янада такомиллаштириш, хусусан, вазирлик ва идоралар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти мувофиқлаштирилишини кучайтириш бу борадаги фаолият кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Manba; uza.uz